Ўзбекистон Миллий архив фондлари бўйича онлайн йўл кўсратгич

Ушбу онлайн йўлкўрсаткич Инновацион ривожланиш агентлигининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси асосида Aл-442105887-сонли амалий лойиҳа асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа ҳақида

Жамият ва коммуникациялар ривожланишининг ҳозирги босқичида энг муҳим ва долзарб ресурс ахборот бўлиб, у ўтмиш билан танишиш, бугунги кунни режалаштириш ва келажакни башорат қилиш учун зарур элементга айланди. Маълумки, ҳар бир соҳа йиллар давомида шаклланиб келган пойдевори асосида ривожланади, лекин уни доимий равишда янги воситалар билан мустаҳкамланишида информацион билимлар муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда ахборот оқими манбалари турли-туман бўлиб, улар орасида ретроспектив материаллар ишончли маълумотларнинг юқори мазмуни билан ажралиб туради. Булар орасида ўтган йиллар воқеаларига оид далилларни ўз ичига олган архив материалларини алоҳида қайд этиш лозим. Архив ҳужжатлари маълумотларини ўрганиш давлатлар ва жамиятлар тараққиёти тарихининг кам ўрганилган жиҳатларига ойдинлик киритиш имконини беради, бу эса уларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги бугунги ва келажакдаги ўрни ва мавқеини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда тарих фанини ривожлантиришда архившунослик, архив манбашунослиги, ҳужжатшунослик соҳаларини такомиллаштириш, бу борада ҳужжатларнинг тарихий манбавий аҳамиятини аниқлаш, тарихий ҳужжатларнинг рақамли нусхаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада совет даври тарихини акс эттирган архив ҳужжатларини холисона таҳлил этиш, совет ҳокимиятининг Туркистон АССР, БХСР, ХХСР, Ўзбекистон ССРда олиб борган фаолиятининг моҳиятини ҳаққоний ёритишга қаратилган тарихий тадқиқотларни амалга ошириш муҳим саналади.

Ўзбекистон Миллий архиви совет даври фондлари бўйича Архив йўлкўрсаткичини тўлдириш ва электронлаштириш соҳасида амалга оширилган ушбу тўплам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ-5834-сон “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонлари, 2019 йил 20 сентябрдаги ПҚ-4463-сон “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 мартдаги ВМ-174-сон “Архив иши ва иш юритиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ҳамда соҳага оид бошқа меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга муайян даражада хизмат қилади.

Архив ҳужжатларининг кўпсонлилиги ва уларнинг доимий равишда тўпланиб бориши уларнинг архивда тартибга солинишини тақозо этади, бу эса, ўз навбатида, тизимлиликни таъминлайди. Бунда архив муассасаси томонидан бериладиган маълумотномалар, яъни йўриқнома, инвентарь, каталог, индекс, рўйхат ва бошқалар асосий ўринни эгаллайди. Маълумки, улар архивнинг илмий маълумотнома аппаратини ташкил қилади. Маълумотномалар материалларни таснифлаш ва тизимлаштиришда маълум принципга риоя қилган ҳолда белгиланган шаклда тузилади. Архив жамғармалари ҳақида нисбатан тўлиқ маълумот олишда архив йўлкўрсатгичларидан фойдаланилади, уларда энг йирик архив фондлари ҳақида қисқача маълумотлар қамраб олинган. Қайд этиш жоизки, фан ва техника тараққиётининг ҳозирги даражаси архив фойдаланувчиларига архивлардан оператив маълумотларни тақдим этиш воситаси сифатида архив муассасалари маълумотномаларининг электрон турларини яратишни тақозо этмоқда. Бу жараён кўплаб мамлакатларда муваффақиятли амалга оширилмоқда, рақамлаштириш дастлабки ҳужжатлардан ҳозирги кунгача босқичма-босқич давом этмоқда. Архив маълумотномалари архивнинг ишончли ахборот манбаи бўлиб, улар илмий тадқиқотлар олиб бориш, ижтимоий сўровларни бажариш, фуқаролар, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги зиддиятли масалаларни ҳал этиш, маданий тадбирлар ўтказиш, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқаларга оид ҳамкорликдаги турли халқаро дастурларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ана шундай салмоқли маълумот берувчи манбалар қаторида Ўрта Осиёдаги энг йирик архив муассасаси Ўзбекистон Миллий архивининг йўлкўрсаткичларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унинг илмий-маълумотнома аппаратида 5 та йўлкўрсаткич мавжуд: 4 таси совет даври (1917–1991 йиллар), 1 таси мустақиллик даври фондлари бўйича бўлиб, уларнинг ҳар бири Миллий архив тузилиши ва архив жамғармалари ҳақида маълумот олишда ўз ўрнига эга. Ушбу йўлкўрсаткичларнинг мазмуни билан танишиш тадқиқотчига фойдаланувчи томонидан талаб қилинадиган маълумотларни тезда топиш ва муаммони ҳал қилиш учун унинг олдига қўйилган вазифалар ечимини топиш имконини беради. Архив йўлкўрсаткичнинг тарихий-манбавий салоҳиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгалиги ва бугунги кунда долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тадқиқотда Ўзбекистон Миллий архивининг “1960 йилги йўлкўрсаткичи”ни янги маълумотлар билан тўлдириш ва уни рақамлаштириш мақсад қилиб белгиланиб, фаолият амалга оширилди. Қайд этиш жоизки, бугунги кунда, ушбу электрон йўлкўрсаткич мамлакатимизда мазкур архив соҳадаги илк яратилган электрон маълумотнома ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий архивининг 1960 йилдаги йўлкўрсаткичи (кейинги ўринларда Йўлкўрсаткич) Ўзбекистон ССР Марказий давлат архиви ОИСҚ бўлими – Октябрь инқилоби ва социалистик қурилиши бўлими – тузилиши ва мазмунини тўлиқ акс эттирувчи биринчи тўлиқ илмий-маълумотнома нашридир. Шу ўринда бир оз аниқлик киритиш лозим: мазкур бўлим 1931 йил 20 майда ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси қарори билан алоҳида архив сифатида ташкил этилиб, у ЎзССР Октябрь инқилоби ва социалистик қурилиш Марказий давлат архиви деб номланган (СГАОРСС УзССР – ЎзССР ОИСҚМДА). 1935 йил 1 январь ҳолатига кўра, бу архивда жами 173230 сақлов бирлигидан иборат 455 фонд, 1941 йил 1 январга келиб жами 248872 сақлов бирлигидан иборат 742 фонд жамланган. 1940–1945 йилларда архив таркибига: Ўзбекистон ССР касаба уюшмалари ҳаракати ва меҳнат архиви, Давлат ҳарбий архиви ва бир қатор муассасалар архивлари киритилган. 1958 йилда эса бу архив янги ташкил этилган ЎзССР Марказий давлат архиви таркибига бўлим сифатида киритилди. Бу трансформация уни “ОРСС CГА УзССР” – Ўзбекистон ССР Марказий давлат архиви Октябрь инқилоби ва социалистик қурилиши бўлими деб аталишига сабаб бўлди.

Мазкур Йўлкўрсаткич, шу жумладан унинг рақамлаштирилган нусхаси, ўз тузилиши ва мазмунига кўра, 1960 йилда нашр этилган йўлкўрсатгичдан бирмунча фарқ қилади. Жумладан, фондлар маъмурий ҳудудий жиҳатдан қайта тизимлаштирилди: Туркистон АССР, Бухоро Халқ Совет Республикаси, Хоразм Халқ Совет Республикаси ва Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва олий бошқарув органлари бўлимларидаги ҳужжатлар қайта таснифланди ва 23 та бобда ўрин олди. Йўлкўрсатгичдаги фондларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида шарҳлари тайёрланди.

Йўлкўрсаткичнинг бўлимларида жойлаштирилган архив фондларига қисқача шарҳлар Ўзбекистон Республикасининг совет давридаги давлат бошқаруви тузилмаси, Халқ хўжалигининг тузилиши, унинг асосий тармоқлари, суд-ҳуқуқ тизими, фаолияти, тиббиёт, таълим, ижтимоий муассасалар, меҳнаткашлар касаба уюшмалари тизими, илмий муассасалар ва уларнинг асосий йўналишлари, тўғрисида қимматли маълумотларни ўзида акс этади. Йўлкўрсаткич маълумотларини ўрганишда тизимли ёндашув совет давридаги аҳоли ва Халқ хўжалиги объектларининг фаолияти тарихий хусусиятларини батафсил ёритишга ёрдам беради.