Туркистон Советларининг 1918 йил 30 апрелдаги V қурултойи қарори билан Туркистон миллатлар ишлари бўйича халқ комиссарлиги ташкил этилган. Унинг вазифалари қуйидагилардан иборат эди: Совет ҳокимияти ғояларини тегишли миллатлар ўртасида ўз она тилида амалга ошириш; республика ҳудудида истиқомат қилувчи миллатлар орасида маданий ва синфий онгни юксалтириш учун барча чора-тадбирларни кўриш; барча миллий кўринишлардаги аксилинқилобга қарши кураш; миллий-буржуа ҳукуматларига қарши кураш; миллатлар бўйича статистик маълумотларни тўплаш.
Туркистон миллатлар ишлари бўйича халқ комиссарлиги 1919 йил 10 декабрда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб, Туркистон АССР МИҚнинг 1921 йил 21 сентябрдаги қарори билан яна тикланди. Туркистон миллатлар ишлари бўйича халқ комиссарлиги Туркистон АССР МИҚнинг 1922 йил 14 июлдаги буйруғи билан тугатилган.
Туркистонда Ленин сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Туркистон МИҚ, ХКС, РСФСР ва Туркистон АССР Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссарликларининг декрет ва қарорлари. Туркистон АССР Миллатлар ишлари бўйича комиссарлик ва унинг бўлимлари тўғрисидаги Низом; РСФСР Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И.В.Сталиннинг 1918 йил 9 апрелдаги "Правда" газетасидаги мақоласининг нусхаси («Одна из очередных задач» ("Тезкор вазифалардан бири")).
Миллатлар ишлари бўйича комиссарлик кенгаши мажлисларининг баённомалари. Туркистон Миллатлар ишлари бўйича комиссарлигининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва меморандумлари; маҳаллий аҳолини совет ҳокимиятини қуриш ишларига жалб қилиш, қишлоқ ва овулларда большевиклар партиясининг бўлимларини пайдо бўлиши тўғрисида, ТАССР миллатлар ишлари бўйича комиссарликнинг вилоят миллий бошқармалари вакилларининг ахборот-маълумотлари, қишлоқ советларининг ер-сув қўмиталарини ташкил этиш тўғрисидаги ҳисоботлар, маълумотлар ва ёзишмалар. Курслар, кутубхоналар, ўқув заллари очиш, Москва ва Ленинград университетларига маҳаллий миллат вакилларидан бўлган талабаларни юбориш, комиссарлик қошидаги миллий бўлимларни (ўзбек, тожик, туркман, қирғиз ва бошқалар) ташкил этиш тўғрисида; ва уларнинг фаолияти ҳақида; Туркистон ҳақидаги тарихий ва этнографик маълумотлар.