Ўзбекистон Миллий архив фондлари бўйича онлайн йўл кўсратгич

Ушбу онлайн йўлкўрсаткич Инновацион ривожланиш агентлигининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси асосида Aл-442105887-сонли амалий лойиҳа асосида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон ССР

ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ КОМИССАРЛАРИ СОВЕТИ (ЎЗССР СНК)

Фонд рақами:
R-837
Сақлов бирлиги:
10839
Даврий чегараси:
1925 - 1940

Ташкилот тарихи

1925 йил 17 февралда Ўзбекистон Советларининг I съездида тузилган. 1945 йилда Министрлар Совети, Ўзбекистон мустақилликка эришгач Ўзбекистон Республикаси Министрлар Махкамаси деб юртилмоқда. 


Фонд шарҳи

СССР ХКС ва Меҳнат ва Мудофаа Кенгаши мажлислари қарорлари, СССР Меҳнат ва Мудофааа кенгашининг Ўрта Осиё бўйича қарорлари ва баённомалари, Ўзбекистон ССР МИҚ, Иқтисодий Кенгаш ва Давлат режа қўмитаси, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети ва Иқтисодий кенгашининг қўшма мажлислари; ЎзССР ХКСнинг фармонлари, қарорлари, циркулярлари ва кўрсатмалари ҳамда СССР, РСФСР ва ЎзССР Халқ Комиссарлари Советининг энг муҳим қарорларининг хулосалари, баённомалари; Ўзбекистон ССР ХКС, халқ комиссарлари ҳайъат кенгаши мажлислари, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раисининг ўринбосари билан ўтказилган йиғилишларнинг стенографик баённомалари, Халқ Советининг ишларни бошқариш тўғрисидаги фармойишлари. Ўзбекистон ССР комиссарлари ва Халқ комиссарликлари тўғрисидаги Низом; Ўзбекистон ССР халқ комиссарликларининг циркулярлари ва кўрсатмалари ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар.

Иқтисодий шарҳлар ва ЎзССР халқ хўжалигини ривожлантиришнинг истиқболли режалари ва тушунтириш хатлари, саноат соҳасининг  ҳолатини кўриб чиқиш ва Ўзбекистондаги завод ва ҳунармандчиликнинг миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсатидан кейинги ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар ва уни янада ривожлантириш истиқболлари (1925); Ўзбекистонда шакар, ун тегирмонлари, озиқ-овқат қўшимчалари ва виночилик саноати ва кинематографиянинг ривожланиш тарихига оид маълумотлар. Ўзбекистон “Пахта матоси”, “Ўзбекнефть”, “Ўзбеквино”, “Ўзбексавдо”, “Қизил шарқ” давлат трестлари ва акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги Низомлар ва уларнинг уставлари.

Ўзбекистоннинг шаҳар қурилиши, эскиларини реконструкция қилиш ва янги шаҳарларини ободонлаштириш режалари.

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, чорвачилик, қоракўлчиликни ривожлантириш, пахтачилик ва лалми деҳқончилигини юксалтириш ва янада ривожлантириш бўйича меморандумлар, маълумотлар ва ёзишмалар; баҳорги экин экиш ишлари режалари ва уларга тушунтириш хатлари; ер-сув ислоҳоти бўйича марказий комиссиянинг баённомалари ва 1925 – 1926 йилларда Фарғона, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган ислоҳот натижалари тўғрисидаги хулоса; қишлоқ хўжалиги учун янги ерларни ўзлаштириш ҳақида ёзишмалар.

Республиканинг пахтачилик ҳудудларини ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботлар; ЎзССР сув хўжалигининг табиий-тарихий шарҳлари ва ЎзССР сув хўжалиги бошқармаси ҳисоботлари; ирригация тизимлари фаолияти ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳисоботлар.

Туманларда электр станцияларини қуриш схемалари; Марказий Осиёни электрлаштириш бош режасини тузиш бўйича кўрсатмалар; ЎзССР Халқ хўжалигининг барча тармоқлари фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ва бюллетенлари.

Ўзбекистон ССР қонунлари тўпламини нашр этиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича материаллар; Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги ёзишмалар; Адлия комиссарлиги, прокуратура ва Ўзбекистон ССР Олий судининг ҳисоботлари; суд ва тергов ишларининг бориши тўғрисидаги ёзишмалар; Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги бозорлар ҳолатини ўрганиш бўйича ЎзССР Савдо Халқ Комиссарлиги ва “Ўзбексавдо” ахборот агентлигининг ҳисоботлари ва ахборот хулосалари; бозор шарҳлари.

Ўзбекистоннинг 1924 йилдан олдинги ва кейинги ҳолатига умумий шарҳлар; СССР МИҚнинг Ўрта Осиё республикалари ўртасидаги чегара масалаларини кўриб чиқиш комиссияси мажлисларининг баённомалари; Ўрта Осиёнинг маъмурий бўлинишини қайта кўриб чиқиш ва янги маъмурий бирликларни шакллантириш тўғрисидаги ёзишмалар; ЎзССР чегараларини аниқлаштириш тўғрисидаги ахборот маълумотлар, ЎзССР ва Тожикистон АССР вилоятлари ва туманлари рўйхати.