Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советининг 1917 йил 23 ноябрдаги буйруғи билан тузилган. Ўрта Осиёнинг миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати натижасида 1924 йил 24 ноябрда тугатилган.
Туркистон АССР МИҚ ва ХКСнинг Адлия Халқ Комиссарлиги фаолияти тўғрисидаги декрет ва қарорлари; Адлия халқ комиссарлиги ва унинг бўлимлари, Туркистон АССР Олий инқилобий трибунали ва вилоят трибуналлари, вилоят адлия бошқармалари, мусулмон халқ судлари ва адлия ходимларининг марказий курслари тўғрисидаги низомлар. Туркистон АССР Адлия халқ комиссарлиги ҳайъати ва унинг бўлимлари мажлисларининг баённомалари.
Туркистон АССР Адлия халқ комиссарлигининг суд ва суд назорати масалалари, амнистия, мол-мулкни мусодара қилиш, олди-сотди битимлари, қалин пулини бекор қилиш, суд тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги циркуляр ва кўрсатмалари ( 1922); Туркистон АССР суд ходимлари сеъзди (1920 йил 29 сентябр – 2 октябр), ўзбек, туркман ва қирғиз халқлари адлия ходимлари сеъзди (1922) баённомалари; Адлия комиссарлигининг ташкил этилиши ва фаолияти тўғрисида ҳисоботлар ва ёзишмалар, унинг бўлимлари ва маҳаллий адлия органлари, шариат ва одат нормаларига асосланган қозилик ва бийлик судларини вақтинчалик жорий этиш тўғрисида (1921-1922), прокуратуранинг фаолияти (1923), махсус комиссия фаолияти; суд-ҳуқуқ ислоҳотини ўтказилишга оид ҳужжатлар (1922).
Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси, Халқ Комиссарлари Совети ва Халқ Комиссарликларининг декрет ва қарорлари лойиҳалари ҳамда қонунчилик таклифлари бўлимининг ушбу лойиҳалар бўйича хулосалари; судларда, инқилобий трибуналларда ва тергов комиссияларида ишларнинг бориши ҳақидаги маълумотлар ва ёзишмалар.