Ўзбекистон Миллий архив фондлари бўйича онлайн йўл кўсратгич

Ушбу онлайн йўлкўрсаткич Инновацион ривожланиш агентлигининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси асосида Aл-442105887-сонли амалий лойиҳа асосида ишлаб чиқилган.

ЎЗССР ДAВЛAТ РЕЖА ВА СТАТИСТИКА КОМИССИЯСИ (Ўзгосплан)

Фонд рақами:
R-88
Сақлов бирлиги:
2808
Даврий чегараси:
1924 - 1936

Ташкилот тарихи

Ўзбекистон Инқилобий қўмитасининг 1924 йил 31 декабрдаги қарори билан ташкил этилган. Низомга кўра, ташкилот Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ҳамда тизимли равишда ушбу режаларнинг бажарилишини мониторинг қилган. 


Фонд шарҳи

СССР Давлат режа комиссияси мажлисининг баённомалари, Ўзбекистон ССР МИҚ ва ХКСнинг қарорлари, Ўзбекистон ССР Давлат режа қўмитаси президиуми мажлислари ва мажлислари баённомалари; СССР Давлат режа комиссияси ва минтақавий режалаштириш комиссиялари билан халқ хўжалигини режалаштириш масалалари бўйича ёзишмалар.


Молия-бюджет бўлими

(1924 – 1928 йиллар)

Ўзбекистон ССР ХКС ва Молия халқ комиссарлигининг бюджетнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари, декретлари; Ўзбекистон ССР Молия халқ комиссарлигининг беш йиллик бюджет-молиявий режаси, Ўзбекистон ССР халқ хўжалигига оид 1927 – 1928 йиллардаги стратегик маълумотлар, Ўзбекистон ССР халқ хўжалигининг асосий кўрсаткичлари (1927 – 1928) жадваллари).

Ўзбекистон ССР Давлат режа комиссиясининг Бюджет-молия бўлимида қишлоқ хўжалигини кредитлаш, қурилиш, шаҳар коммунал банкларини ташкил этиш, янги районлаштириш муносабати билан маҳаллий муассасаларни қайта ташкил этиш масалалари бўйича йиғилишлар баённомалари.


Савдо-саноат бўлими

 (1925 – 1931 йиллар)

Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришнинг беш йиллик режаси (1928–1932), алоҳида саноат тармоқлари: нефть, пахта тозалаш, пахтани қайта ишлаш, жунни қайта ишлаш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришнинг беш йиллик режалари; уй-жой коммунал қурилишининг беш йиллик режалари, Ўзбекистон ССР шаҳарларини ободонлаштириш, савдо ва савдо кооперациясини ривожлантириш. 

Ўзбекистон ССРда алоқа (1926 – 1930 йиллар), темир йўл ва темир йўл транспортини ривожлантиришнинг беш йиллик режалари; Ўзбекистондаги темир йўл йўналишлари ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар.

СССР МИҚ Президиуми мажлисларининг баённомалари ва Ўзбекистон ССР ХКСнинг йўл қурилиши, сув транспортига капитал қўйилмалар, Ўзбекистон ССРда саноатни ривожлантириш ва молиялаштириш, қурилишни тартибга солиш тўғрисидаги қарори. 

Нефть ва озокерит саноатининг ҳолати, Ўзбекистон шаҳарларини электрлаштириш бўйича Ўзбекистон Давлат режаси ҳузуридаги саноат масалалари бўйича комиссия мажлисларининг баённомалари.

Ўзбекистон ССР Давлат режа қўмитасининг савдо-саноат бўлими йиғилишларининг акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, Ўзбекистон ССР турли трестларининг ишлаб чиқариш дастурлари ва молиявий режалари, қидирув ишлари ва темир йўллар қурилиши масалалари бўйича баённомалари.

Савдо-саноат бўлими йиғилишлари баённомалари ва қоракўл мўйнасини харид қилиш, қишлоқлар ва шаҳар типидаги аҳоли пунктларида чакана ва ярим улгуржи савдони ташкил этиш бўйича шерикликларни ташкил этиш, балиқчилик артелларини ташкил этиш, иккиламчи товарлар экспорти, экспорт операцияларини молиялаштириш ҳисобига экспортни кучайтириш бўйича ёзишмалар.


Қишлоқ хўжалиги бўлими

 (1921 – 1931 йиллар)

Қишлоқ хўжалиги бўлими йиғилишларининг баённомалари; ЎзССР Ер кодекси лойиҳаси бўйича хулоса.

Ўзбекистон ССР қишлоқ хўжалиги ва унинг пахтачилик, чорвачилик, асаларичилик, боғдорчилик, колхоз қурилиши, механизациялаш, сув хўжалиги тадбирлари ва Ўзбекистон вилоятларида ирригация қурилиши каби  алоҳида тармоқларини ривожлантиришнинг беш йиллик истиқболли режалари. Зарафшон, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона, Самарқанд вилоятларида ер-сув ислоҳоти якунлари бўйича йиғма ҳисобот; Ўзбекистон ССРда ер ислоҳотининг молиявий режасига тушунтириш хати; ер ислоҳотининг Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантиришга таъсири ҳақидаги маърузалар; ер ислоҳоти комиссияси мажлисларининг баённомалари.


Маданият бўлими

 (1925 – 1932 йиллар)

Ўзбекистон ССР Давлат режа комиссияси мажлисларининг баённомалари, Ўрта Осиёда илмий-техника марказини ташкил этиш, Ўзбекистонда халқ таълимини кенгайтириш, кинофильмлар яратиш тўғрисидаги меморандумлар; ЎзССРда соғлиқни сақлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, халқ таълими ва нашриётни ривожлантиришнинг беш йиллик режалари.

Статистик бўлим

 (1924 – 1930 йиллар)

Халқ хўжалигида бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш бўйича статистик бўлим мажлисларининг баённомалари, Ўрта Осиё Иқтисодчилар Кенгаши ва ЎзССР Молия халқ комиссарлигининг ЎзССР халқ хўжалигининг айрим тармоқлари бўйича коньюктюр шарҳлари; Ўзбекистон ССР аҳолиси сони бўйича Ўзбекистонда кредит масалалари тўғрисидаги статистик маълумотлар (1924 – 1926 йиллар).