Ўзбекистон Миллий архив фондлари бўйича онлайн йўл кўсратгич

Ушбу онлайн йўлкўрсаткич Инновацион ривожланиш агентлигининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси асосида Aл-442105887-сонли амалий лойиҳа асосида ишлаб чиқилган.

ЎРТА ОСИЁ ДАВЛАТ РЕЖАЛАШТИРИШ КОМИССИЯСИ ҚОШИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ

Фонд рақами:
R-382
Сақлов бирлиги:
2546
Даврий чегараси:
1921 - 1934

Ташкилот тарихи

1928 йил 15 ноябрда СССР МИҚ қошидаги Олимлар ва таълим муассасаларини бошқариш қўмитаси қарори билан, 1921 йилдан бери фаолият юритиб келган Ўрта Осиё Давлат университетининг Иқтисодий тадқиқотлар бюроси ва Қишлоқ хўжалиги факультетининг илмий- тадқиқот бюросини бирлаштириш натижасида Ўрта Осиё Давлат университети қошидаги Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилган. 

Иқтисодиёт институти Низомига кўра унинг вазифаларига қуйидагилар кирган:  Ўрта Осиё миллий иқтисодиётини ўрганиш, Ўрта Осиё шарт-шароитларида тадқиқот олиб бориш методологиясини, халқ хўжалигини ривожлантириш бўйича иқтисодий режаларни ишлаб чиқиш, малакали иқтисодчиларни тайёрлаш.

Ўрта Осиё давлат университети Иқтисодиёт институти СССР МИҚ қошидаги Олимлар ва таълим муассасалари қўмитасининг 1930 йилдаги қарорига кўра, Ўрта Осиё режалаштириш комиссияси таркибига ўтказилган ва институт номи Иқтисодий тадқиқотлар институти деб ўзгартирилган. 1934 йил 13 октябрда Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгашининг буйруғи билан институт тугатилган. 



Фонд шарҳи

Ўрта Осиё иқтисодий кенгаши ва Ўрта Осиё Давлат режаси мажлислари баённомаси, Ўрта Осиё Давлат режаси пленуми ва қишлоқ хўжалиги секциялари мажлислари, институт саноат ва техника йиғилишлари.

Илмий-тадқиқот ишлари бўйича кўрсатмалар ва буйруқлар, иқтисодий тадқиқотлар институти иш режаси бўйича таҳлилий асосномалар (1932).

Ўрта Осиё миллий иқтисодий режаси (1926); Ўрта Осиё республикаларида алоҳида саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг беш йиллик режалари (1928 – 1932 йиллар); Ўрта Осиё иқтисодиётининг конъюнктур шарҳлари (1927 – 1928 йиллар).

Рангли металлар бўйича Бутуниттифоқ Қорамозор (Тожикистон) Конгресси (1934) ва Ўрта Осиё энергетика Конгрессига оид (1931) ҳисоботлари.

Ўрта Осиёда темир йўллар қурилишининг биринчи беш йиллик режасини амалга оширилишига оид статистик кўрсаткичлари; йўл қурилиши бўйича илмий ишлар; ҳунармандчилик, чарм, кулолчилик ва гиламчилик саноатлари ҳақида маълумотлар.

Қишлоқ хўжалигини районлаштириш ва Ўрта Осиё республикалари бўйича иш дастурлари; колхозларда ишлаб чиқариш ва молиявий режаларни тузиш, Ўрта Осиёда агрономик муассасалар ва механизациялашган хўжаликларни текшириш бўйича кўрсатмалар; Ўрта Осиё пахтачилик ва кўчманчи аҳоли яшаш ҳудудларининг иқтисодий шарҳлари; Ўрта Осиёда пахта ҳосилдорлиги натижаларига оид жадваллар (1926 – 1927); Ўрта Осиё республикаларида чорвачиликнинг ялпи даромадларига оид маълумотлар (1924).

Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича иқтисодий ёзувлар, ирригация тизимлари, Орол ҳудудларини суғорилиш масалаларига оид статистик жадваллар.

Изоҳ: фонд материалларида аввалги муассасаларнинг 1921 – 1927 йилларига оид ҳужжатлар ҳам сақланган.